ҚАРЗДОР ЧОҒИМ ЖОНИМ ОЛМА!
Қайтармоқ қилмасам ният,
Қиёматда ёним олма.
Мўмин хаққин есам уят,
Қарздор чоғим жоним олма!
На қулоққа ёқар наво,
На димоққа ширин ҳаво.
Менга хорлик кўрма раво,
Қарздор чоғим жоним олма!
Ғирром кимсадек бетайин,
Нечун жаҳаннам етайин?
Қабримда кишанланмайин,
Қарздор чоғим жоним олма!
Дунёда мен бир йўловчи,
Йиғлаб соқолин ҳўлловчи.
Сендан ўзга йўқ тўловчи(м)
Қарздор чоғим жоним олма!
Қарз чинордек баланд ўсди,
Бўлдим надоматнинг дўсти.
Никоҳимнинг йўлин тўсди,
Қарздор чоғим жоним олма!
Мен Сенданман кўп миннатдор,
Сендан бошқа кимим ҳам бор?
Қилғил мани омонатдор,
Қарздор чоғим жоним олма!
Дунё мен-чун бўлди қафас,
Ҳайқирсамда чиқариб сас.
Мен ҳам эркин олай нафас,
Қарздор чоғим жоним олма.
Имкон бергин барин тўлай,
Офиятга яқин йўлай.
Ўлсам қарзим тўлаб ўлай,
Қарздор чоғим жоним олма!