Ишга кириш учун суҳбатга борганда керак бўлиб қоладиган тавсиялар.
Сухбат, одатда, сизнинг касбий тайёргарлигингиз ёки бўш лавозим ва умуман, ташкилотнинг тавсифи ҳақида аниқ саволлар билан бошланади. Диққат билан тингланг. Суҳбатдош томонидан олиб борилаётган суҳбат йўналишига риоя қилинг. Иш берувчида яхши таассурот қолдиришингиз учун ўзингизнинг ижобий хислатларингизни етказишга ҳаракат қилишингиз керак.
Берилган саволларга аниқ, мавзудан ташқарига чиқмаган ҳолда жавоб беринг. Бироқ, бу сиз фақат “ҳа” ва “йўқ” деб жавоб беришингиз керак дегани эмас.
Барчага ёд бўлиб кетган “мен одамлар билан ишлашни яхши кўраман”, "ўз касбимга жуда фидоий инсонман" ёки “мен бу ишга фақат пул учун кираётганим йўқ, гап пулда эмас” қабилидаги баландпарвоз жавоблардан қочишга ҳаракат қилинг. Масалан, мижозлар билан ишлаш усулингиз ҳақида гапиринг. Шу билан бирга, саволга жавоб беришда сиз керакли маълумотларни айтиб ўтишингиз мумкин.
Мисол учун, агар сиздан аввалги реклама ишидаги вазифаларингиз нимадан иборат бўлганлиги сўралса, сиз уларни нафақат қисқача тавсифлаб беришингиз мумкин, балки 6 ойлик ишингизда маҳсулот рекламаси дейлик 20 фоизга самаралироқ бўлганини ҳам қўшишингиз мумкин. Ишонаверинг, ҳеч ким бундай қўшимчани ноўрин деб ҳисобламайди.
Суҳбат давомида ўтмишдаги салбий тажрибангиз ҳақида гапирганда, норозилигингингизни дарҳол ошкор қилмасдан, ишдан бўшатилганингизнинг аниқ сабабларини тушунтиринг. Аввалги иш берувчингизни ғийбат қилиб, гўрига ғишт қалашга киришиб кетманг тағин. Бу энг катта хатоликлардан бири бўлади.
Яна бир муҳим жиҳат, сизга иш ҳақи борасида гапирилмагунича маош ҳақида оғиз очманг, шуниси маъқул.
Рост сўзланг.
Биринчидан, сизнинг ҳаяжонингиз ва иккиланишингиз сезилиб туради ва шубҳаларни келтириб чиқаради. Ҳар бир ноаниқлик муқаррар равишда юзага келган шубҳаларни янада оширади ва яна-да мураккаб саволларни келтириб чиқаради.
Иккинчидан, агар сиз иккинчи интервьюда биринчи суҳбатда айтганларингизни унутиб қўйсангиз, жуда ёқимсиз вазиятга тушиб қолиш хавфи мавжуд.
Учинчидан, агар сиз ҳозир кимнидир ишонтиришга муваффақ бўлсангиз, кейинроқ, ишга қабул қилинганингизда, нима ҳақида гапирганингизни кўрсатишингиз керак бўлади. Ёлғонингиз юзага чиқмаса ҳам, доимо ошкор бўлиб қолишидан қўрқиб юрасиз.
👉@yuristkadr