📰 📱💻
ГАЗЕТ КЎРМАЙ ҚЎЙДИ ОДАМЛАР...
(Муҳаммад Юсуфнинг "Дўппи"сига пародия)
Газет кўрмай қўйди одамлар,
Айланмоқда эски қиссага.
Чойхонага пул кўп бу дамлар,
У оғирлик қилар киссага...
Рост газетлар,
Ёлғон газетлар,
Архивларда қолғон газетлар.
Суст газетлар, олов газетлар,
Печкаларга қалов газетлар...
Газет кўрмай қўйди одамлар,
Пенсионер чол-кампирдан ўзга,
Мен ҳам сизга бердим саволлар,
"Фейсбук"ни бостириб кўзга.
Газет кўрмай қўйди одамлар,
Кўнгил эса кўрмоқ тусайди.
Оҳ, интернет гуллаган дамлар,
Каллага эътибор сусайди.
Боқ, матбуот ўлмоқда, фақат
"Тилпон" тутган азиз кўчада.
"Қашқадарё", "ЎзАС", "Маърифат"...
Тахламлари қолди токчада...
Бу қандайин кўргулик савдо,
Обунани юк дер халойиқ.
Ўқимоққа газет йўқми ё —
Фаросат йўқ газетга лойиқ...
© Нуриддин ЭГАМОВ