Телеграм канал '✍🏻 ШАЙХ АС-САЪДИЙНИНГ ТАФСИРИ'

✍🏻 ШАЙХ АС-САЪДИЙНИНГ ТАФСИРИ


242 подписчиков
0 просмотров на пост

📚 ШАЙХ АБДУРРАҲМОН АС-САЪДИЙНИНГ МУҚАДДАС ҚУРЪОНГА ҚИЛГАН ТАФСИРИ.

ТАРЖИМОН: РАЙҲОНА БИНТ МУҲАММАД

Детальная рекламная статистика будет доступна после прохождения простой процедуры регистрации


Что это дает?
  • Детальная аналитика 289'579 каналов
  • Доступ к 140'723'130 рекламных постов
  • Поиск по 556'224'085 постам
  • Отдача с каждой купленной рекламы
  • Графики динамики изменения показателей канала
  • Где и как размещался канал
  • Детальная статистика по подпискам и отпискам
Telemetr.me

Telemetr.me Подписаться

Аналитика телеграм-каналов - обновления инструмента, новости рынка.

Найдено 157 постов

Бироқ, ортларига ўгирилиб, ҳақдан юз буриб, ўзларининг нафсларига эргашган гуноҳкорларга келсак, бу оят уларнинг куфр ва шубҳаланишларини янада кучайтирди, шунинг учун ҳам улар ўзларининг ёмон амалларини шак-шубҳа устига қурилган далиллар билан ҳужжатламоқчи бўлдилар. Уларнинг шубҳалари саҳиҳ илм асосига қурилмаган эди. Кааба томонга юзланиб намоз ўқишлик, Аллоҳ ҳидоят қилган ҳақиқий мўмин бандалардан ташқари, бошқаларга оғир келди (зеро, бу кофиру мунофиқлар қиблани ўзгарганини ҳеч қабул қилаолмадилар — тарж.) Иймонли бандалар Аллоҳнинг раҳматини, марҳаматини қадрладилар, уни тан олдилар ва бунинг учун Роббиларига шукроналар айтдилар, зотан, энди уларга барча ер юзидаги масжидлардан энг аъло бўлган, уни зиёрат қилиш исломнинг арконларидан бири бўлган ва унинг туфайли гуноҳлар ўчириладиган масжидга қараб намоз ўқишлик бахти насиб қилган эди. Буни ақл билан тафаккур қилишлик, мўмин бандаларга Аллоҳнинг амрини бажаришларини енгиллаштирди, ҳолбуки, бошқалар учун бу фармон жуда оғир бўлди ва бажариб бўлмас бир ишга айланди.
Сўнгра эса, Аллоҳ Таъало мусулмонларнинг иймонларини (яъни, аввалда ал-Қудсга қараб ўқиган намозларини) асло зое қилмаслигини хабарини берди. Ўз бандаларининг иймонларини (солиҳ амалларини) унутиб қўйиш, Аллоҳ Таъалога хос бўлмаган хислатдир. Буни умуман тасаввур қилиб бўлмайди ва бу ҳақдаги ваҳий, ҳар бир исломга, иймонга келган киши учун буюк бир ҳушхабардир. Батаҳқиқ, Аллоҳ Таъало уларнинг иймонларини сақлаб қўяди ва уни зое бўлишига йўл қўймайди. Аллоҳнинг бу ғамҳўрлиги икки шаклда намоён бўлади:
Биринчидан: Аллоҳ Ўз қулларининг иймонларини таҳликали синовлардан, ёмон эътиқод ва дунёқарашдан, ҳамда иймонни камайтирадиган, ёки йўққа чиқарадиган ҳар қандай нарсалардан асрайди;
Иккинчидан: Аллоҳ Ўз қулларининг иймонларини зиёда қилади ва уларнинг иймонларини кўпайтирувчи, ҳамда, эътиқод ларини мустаҳкамловчи солиҳ амалларга илҳомлантиради. Илк бора уларни ислом динига олиб келганида, Аллоҳ уларга чинакам иймон берди ва албатта, Унинг Ўзи бу иймонни сақлаб қолувчидир. Аллоҳ уларни иймонга келтиришлик билан, бу йўлда собитлик беришлик билан, ажрларини тўкис қилиб беришлик ва махзунликдан халос қилишлик билан, жуда катта марҳамат кўрсатди. Агар мусулмонлар бошига синов келса, бу синовдан мақсад, ҳақиқий мўминлардан, ёлғончиларни ажратиб олишликдир. Бундай турдаги имтиҳонлар мўминларни поклайди ва уларнинг содиқ, ростгўйликларини ошкор қилади. Аммо сизу бизда, “бу синовлар орқали баъзи мўминлар динларидан қайтиб кетган” — деган ўй-фикр туғилиши мумкин, чунки Аллоҳ Таоло бу имтиҳон орқали пайғамбарга эргашган ҳақиқий мўминлар ва ортларига қайтиб кетган муртадлар ҳақида гапирди. Бу каби ўй-хаёллар бўлмаслиги учун ҳам, Аллоҳ ҳақиқий мўминларнинг иймонларини зое қилмаслигини баён қилди, зеро уларга келган синов ҳамиша уларнинг иймонларига яраша бўлади, аммо тоқатларидан ташқари бўлмайди. Шунингдек, бу оятда, кааба йўналиши қибла бўлмасидан аввал дунёни тарк этиб кетган мусулмонларнинг ҳам иймонлари зое бўлмаслигини башорати бор, ахир ўз вақтида улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига чиройли тарзда итоат қилганлар ва ҳар замон, ҳар вазиятларда бўйсунишга тайёр бўлганлар.
Қуръоннинг бу гўзал ояти, амаллар иймоннинг ажралмас қисми эканлигига, аҳли суннанинг мустаҳкам бир ҳужжатидир. Шундан кейин, Аллоҳ Таъало одамларга қанчалар марҳаматли, раҳмдил ва дардкаш эканини айтди. У Зотнинг бу мукаммал сифатлари туфайли, Аллоҳнинг марҳамати самимий мўминларга тамомий бўлди; шу сифатлари орқали, Аллоҳ мўминлар билан мунофиқларнинг ўртасини ажратди, чунки мунофиқлар фақат тилларида мусулмон эдилар, аммо қалбларига иймон нури кирмаган эди; яна, шу марҳамат сифатлари орқали Аллоҳ мўминларни синадики, бу имтиҳонлар уларнинг иймонларига иймон қўшди, ишончларини кучайтирди ва уларни буюк мартабаларга кўтарди. Ҳамда, уларнинг юзларини энг шарафли ва энг улуғвор бўлган масжидга буриб қўйди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
Фақат мусулмонларга, бошқа қавмлар устидан ҳукм чиқариш ҳуқуқи берилганки, бошқа ҳеч қандай умматнинг мусулмонлар устидан ҳукм чиқаришга ҳаққи йўқ. Агар мусулмонлар бирон инсонни тан олсалар, демак у ҳақиқатдан ҳам тан олишликка лойиқ экан ва мусулмонлар бирон кишини рад этдиларми, демак у ҳақиқатдан ҳам рад этилишга лойиқ. Аммо бу ўринда савол туғилиши мумкин: Нима учун Аллоҳ, мусулмонларнинг бошқа дин тарафдорларига нисбатан чиқарган ҳукмларини тан олмоқда? Ахир бир даъвогарнинг, бошқа даъвогарга қаратилган айбловларини тан олишлик урф бўлмаган-ку?
Гап шундаки, бир даъвогарнинг, иккинчи даъвогарга қаратилган айбловлари, ҳали унинг айбдорлигига далил эмас, агарчи унинг ҳақлигида шубҳа қилинса. Аммо, мусулмон умматига келсак, унинг адолатлилиги ва хооислиги ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди. Бир инсон томонидан берилган гувоҳлик, ҳар доим адолатли ҳукм ва тўғри қарор чиқаришга ёрдам бериши керак, бунинг учун эса, гувоҳлик бераётган киши ишнинг тафсилотидан хабардор ва холис бўлиши керак. Бу иккала сифат мусулмонларга хосдир, шунинг учун уларнинг гувоҳликлари рад қилинмайди. Борди-ю, бирон киши, мусулмон миллатининг [бошқа умматлардан] афзаллигида шубҳа қилгудек бўлса ва бунга далил талаб қилса, мусулмонларнинг афзаллиги ҳақида инсониятнинг энг афзал кишиси — Муҳаммад ﷺ, гувоҳлик беради. Шунинг учун ҳам, мусулмон умматининг устида Муҳаммад ﷺ, гувоҳ бўлишлари ҳақида бу оятда хабар берилди. Қачонки, қиёмат куни Аллоҳ Таъало Ўз пайғамбарларидан, улар ўз қавмларига ҳақни етказдиларми, ёки йўқми — сўраганида ва кофирлар тониб туриб, уларга ҳақни ҳеч ким етказмагани ҳақида гапира бошлаганларида, ислом уммати ўзга динлар эргашувчиларига қарши гувоҳлик берадилар. Мана шу пайтда барча пайғамбарлар мусулмон умматини гувоҳ сифатида келтирадилар, пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ эса, мусулмонларнинг гувоҳлиги ҳақ эканини тасдиқлайдилар. Бу оят, мусулмонларнинг ижмоси — яъни, бир нарсани устида иттифоқ қилишлари — рад этилмас далил эканига, ҳамда, бу уммат бутунлайлигича ҳеч қачон залолатга кириб кетмаслигига ёрқин ҳужжатдир. Бунга оятнинг умумий маъноси, яъни, мусулмонларнинг ўртамиёна уммат эканликлари ишора қилади, ахир агар мусулмонларнинг битта қўймай, ҳаммалари қандайдир масалада адашиб қолганларида, у ҳолда бу уммат фақат баъзи масалаларда адолатли бўларди ва уни кенг маънода адолатли деб аташ қийин бўлар эди. Оят яна шунга далолат қиладики, қарор чиқариш, гувоҳлик бериш ва диний аҳкомларни қабул қилиш ҳуқуқи, фақат адолатли кишиларгагина берилган.
Сўнгра Аллоҳ Таъало мусулмонларга аввалда ал-Қудсга юзланиб намоз ўқишларини буюрганлиги ва буни синов учун — ким пайғамбарга эргашади-ю, ким ортга ўгирилиб кетади — шуни билиш учун қилганлиги тўғрисида хабар берди. Бу оятдаги Аллоҳнинг билимидан мурод, унинг асосида Аллоҳ Ўз бандаларини ё мукофотлаши, ёки жазолаши ҳақидаги билимидир. Шубҳасиз, Аллоҳ барча воқеа, ҳодисаларни, улар ҳали рўй бермасларидан аввал билади, бироқ, билимининг бундай турига асосланиб, У Зот инсонларни на мукофотламайди ва на жазоламайди, зеро илоҳий адолат ўта комилдир ва Аллоҳ ҳақни Ўз бандаларига тўлиқ етказишни хоҳлайди, токи уларда кейин жоҳиллик, билимсизлик билан ўзини оқлаш имконияти қолмасин. Аммо, қачонки одамлар (яхши, ёки ёмон) амалларни бажаришни бошлаганларида, улар ё мукофот, ёки жазога мустаҳиқ бўладилар. Айтиб ўтилган гаплардан шу нарса маълум бўладики, Аллоҳ Таъало аввалда мусулмонларни синаш учун ва ким пайғамбарга иймон келтирганлигини билиш ва ҳар қандай вазиятда пайғамбарга эргашишини кўриш учун имтиҳондан ўтказди ва қиблаларини бошқа томонга буриб қўйди. Мўмин киши айнан шундай йўл тутиши шарт, чунки у қулдир, унинг иродаси, Аллоҳнинг иродасига боғланган ва у Роббисининг амрларини бажариши шарт. Бундан ташқари, аввалги оятларда хабари келгандек, мўминлар энди кааба томонга юзланиб намоз ўқишлари керак эди. Бу эса, мўминларнинг иймонларини зиёдалаштириши ва ҳаққа эргашган ҳар бир кишининг бўйсунишлигини кўпайтириши муқаррар эди.
2:143.
وَكَذَلِكَ جَعَلْنَاكُمْ أُمَّةً وَسَطًا لِّتَكُونُوا شُهَدَاءَ عَلَى النَّاسِ وَيَكُونَ الرَّسُولُ عَلَيْكُمْ شَهِيدًا وَمَا جَعَلْنَا الْقِبْلَةَ الَّتِي كُنتَ عَلَيْهَا إِلَّا لِنَعْلَمَ مَن يَتَّبِعُ الرَّسُولَ مِمَّن يَنقَلِبُ عَلَى عَقِبَيْهِ وَإِن كَانَتْ لَكَبِيرَةً إِلَّا عَلَى الَّذِينَ هَدَى اللَّهُ وَمَا كَانَ اللَّهُ لِيُضِيعَ إِيمَانَكُمْ إِنَّ اللَّهَ بِالنَّاسِ لَرَءُوفٌ رَّحِيمٌ
Оят: Ва шунингдек [худди қиблангиз йўналишини ўзгартирганимиз каби], Биз сизларни [эй мусулмонлар] ўрта [энг адолатли ва энг афзал] уммат қилдик, токи сизлар [қиёмат куни] одамлар устидан [аввалги қавмларга пайғамбарларидан даъват етганлигига] гувоҳлик беришингиз учун ва [энг сўнгги] пайғамбар сизларга [Аллоҳдан келган ҳақни етказганлигида] гувоҳлик бериши учун. Ва сиз [эй пайғамбар ﷺ], аввалда [намозларингизда] юзланган қиблан[гизн]и, ким пайғамбарга эргашади-ю, ким [пайғамбар итоатидан] юз ўгириб кетишини билиш учун [синов сифатида] қилган эдик. Ва [намоз қибласини ўзгаришига бўйсуниш ва буни қабул қилиш], оғир эди, магарам, Аллоҳ ҳидоят қилганларга [буни қабул қилиш енгил қилинди]. Аллоҳ иймонингизни зое қилгувчи эмасдир [яъни, аввалда, ал-Қудсга қараб ўқилган намозларингизни Аллоҳ йўққа чиқармайди ва улар учун ҳам ажрланасизлар]. Дарҳақиқат, Аллоҳ инсонларга ўта ҳамдардли ва ўта раҳмдилдир.

Тафсир: [Мусулмон уммати ҳамиша ўрталиқни тутган уммат бўлган ва барча умматлар орасида энг адолатлиси бўлиб ҳисобланади. Қолган барча жамоалар ўрта йўлнинг икки ён томонида жойлашган бўлиб, катта хатарнинг устидадирлар. Мусулмон миллати динга оид масалаларда ҳеч қачон ғулувга кетмаган [чуқурлашмаган]. Масалан: Пайғамбарларга нисбатан мусулмон уммати, яҳудий ва насоролар эгаллаган ўринни ўртасидаги мавқени эгаллайдилар, чунки бир томондан, насоролар Аллоҳнинг пайғамбарларини улуғлашда ҳаддан ошдилар [ва уларни ўзларига илоҳ қилиб олдилар, худди Ийсо (алайҳиссалом)ни илоҳ қилиб олганлари каби]; бошқа томондан, яҳудийлар Аллоҳнинг пайғамбарларига қўрслик қилдилар ва дағал муомала кўрсатдилар [ҳаттоки уларни ўлдиришгача бордилар, худди Закариё ва Яҳё (алайҳимассалом)ларни ўлдирганлари каби]. Мусулмон уммати эса ҳар бир пайғамбарларга кўрсатиб берилганидек иймон келтирдилар [яъни, уларни илоҳийлаштириб ҳам олмадилар, пастга ҳам урмадилар, балки уларга нисбатан ўрталиқни тутдилар]. Диний аҳкомлар борасида ҳам мусулмонлар, яҳудийлар билан насоролар ўртасидаги ўрталиқни тутдилар, чунки яҳудийлар дин аҳкомлари борасида ортиқча шиддат ва қатъийлик қилдилар, насоролар эса, эътиборсизликка тушиб қолдилар [мусулмон миллати эса диний масалаларда, ортиқча ғулув ҳам қилмайди, эътиборсизликка ҳам тушмайди]. Ибодат қонун-қоидаларида, таҳорат, тозаланиш бобида ва ҳаром қилинган таом борасида ҳам, мусулмонлар яҳудийларга тақлид қилмайдилар, чунки улар ўз ибодатҳоналаридан бошқа жойда намоз ўқимайдилар, сувнинг тозалаш хусусиятини тан олмайдилар ва ўзларининг адолатсизликлари туфайли, баъзи бир ҳалол қилинган таомларни ҳам ейиш имкониятидан маҳрумлар. Шунингдек, мусулмонлар насороларга ҳам тақлид қилмайдилар, чунки улар учун нопок ва ҳаром нарсанинг ўзи йўқ, улар таомга ўрмалаган ва қимирлаганки нарсани истеъмол қилаверадилар. Мусулмонлар энг саҳиҳ ва тўғри йўл билан покланадилар. Аллоҳ уларга фойдаси тегадиган таом ва ичимликларни истеъмол қилишни, чиройли, бежирим кийимларни кийишни ва таъқиқланмаган аёлларга уйланишни ҳалоллаб берди. Уларга зарар етказадиган таом ва шароб, зиён етказадиган кийим-кечак ва ношаръий алоқалар ман қилинди. Аллоҳ Таъало мусулмонларни энг мукаммал дин билан икром қилди ва уларни ўта гўзал хулқ-атворларга ва ўта чиройли амалларга ўргатди. Уларга саҳиҳ илмлар, сабр ва ҳалимлик, адолат ва эзгулик берилдики, бу нарсалардан аввалги умматлар маҳрум қилинган эдилар. Мана шу санаб ўтилган фазилатлари туфайли, мусулмон уммати энг мукаммал, энг мўътадил ва энг адолатли умматдир. Ҳаттоки ўзининг адолати сабабидан, мусулмон миллати барча одамзот устидан холисона гувоҳлик бериш ҳуқуқига муваффақ бўлди.
Жаноби Ҳақ Ўзининг пайғамбари ﷺга, машриқ ва мағриб ёлғиз Аллоҳники эканини ва У Зот Ўзи хоҳлаган бандасига тўғри йўлни кўрсатишини айтишни буюрди. Агар машриқ ва мағриб Аллоҳнинг мулки бўлса, у ҳолда, бошқа барча йўналишлар ҳам Аллоҳга тегишлидир. Ўз бандаларига, намоз ўқиётганларида кааба тарафга бурилишлари ҳақидаги амрни бермоқ ҳам Аллоҳнинг қўлидадир, худди буни Иброҳим (алайҳиссалом) қилгани каби. Эй мусулмонлар! Нима учун, Аллоҳга тегишли бўлган йўналишга бурилишингизга жоҳилу нодон кимсалар эътироз билдирадилар? Ҳолбуки, бу йўналиш Аллоҳнинг мулки! Сизлар, Аллоҳнинг султонлигига кирмаган тарафга юзингизни қаратаётганингиз йўқ ва шунинг ўзи, Аллоҳнинг ҳукмига бўйсунишингиз учун етарлидир. Агар Аллоҳнинг буйруқларини — марҳамат, раҳмат, иноят, ва фазлу карам деб эътибор қилинса, у ҳолда, бу буйруққа эътироз билдириш, ўша марҳамат ва иноятни инкор этиш ҳисобланади ва батаҳқиқ, бу уларнинг сизларга нисбатан туйган ҳасадлари ва адолатсизликлари сабабидандир.
Бу оятдаги, Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани тўғри йўлга ҳидоят қилади сўзлари, умумий маънога эга, аммо умумий маъноли оятларни, ҳар доим бошқа хос маъноли оятлар билан солиштирмоқ зарурдирки, шунда асл маъно ойдинлашади. Ҳидоятнинг ҳақ кўрсатмаси ва залолат, адашишликнинг албатта ўз сабаблари бор ва улар илоҳий ҳикмат ва адолатга мувофиқ ўрнатилган. Ўзининг азиз китобида Аллоҳ Таъало кўп маротаба сабабларни келтирдики, улар туфайли инсон ҳақ кўрсатмага эришади ва тўғри йўлга келади. Масалан, Аллоҳ Таъало деди: «Сизларга Аллоҳдан нур [яъни,Муҳаммад] ва аниқ китоб келди. Унинг воситасида Аллоҳ, Унинг ризолигини истаганларни саломатлик йўлларига бошлайди...» (5:15-16). Бу оятда шундай сабаб зикр қилинмоқдаки, унинг орқали мусулмон уммати ўзининг барча интилишларида ҳақ кўрсатмага ва Роббиларининг марҳаматига эришди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:142.
سَيَقُولُ السُّفَهَاءُ مِنَ النَّاسِ مَا وَلَّاهُمْ عَن قِبْلَتِهِمُ الَّتِي كَانُوا عَلَيْهَا قُل لِّلَّهِ الْمَشْرِقُ وَالْمَغْرِبُ يَهْدِي مَن يَشَاءُ إِلَى صِرَاطٍ مُّسْتَقِيمٍ
Оят: Одамларнинг ичида [кофирлардан бўлган] ақли пастлари [истеҳзо қилган ҳолларида]: “Авваллари [намозларида] юзларини қаратган [эски] қиблаларидан уларни [мўминларни] нима ўгиртирди экан?”, дейдилар.[Чунки аввалда мўминлар ал-Қудсга қараб намоз ўқир эдилар]. Айтинг [уларга, эй Муҳаммад ﷺ]: “Машриқ ва мағриб Аллоҳникидир [яъни, ҳар бир йўналиш Аллоҳга тегишли ва Аллоҳнинг мулки сирасига кирмайдиган йўналишнинг ўзи йўқ]. У Зот ўзи хоҳлаган [бандаси]ни тўғри йўлга ҳидоят қилади [Ўз динини тушунчасини бериб қўяди]”.

Тафсир: [Бу улуғвор оятда қуръоний мўъжизалардан бир мўъжиза борки, у мўминларга таскин беради ва қалбларига янада ишонч бахш этади. Шу билан бирга, унда фосиқ кишиларнинг эътирозлари келтирилган ва бу эътирозларини уч нуқтаи назардан йўққа чиқарилган. Шунингдек, ушбу ояти каримада ҳаққа унамаган кимсалар ва Аллоҳга итоатгўй кишиларнинг сифатлари зикр этилмоқда. Ақли паст, онгсиз кимсаларнинг Аллоҳни ҳукмларига эътироз билдиришлари ҳақида Роббимиз бизга хабар берди. Бу кимсалар ўзларига фойда келтириши мумкин бўлган нарсалардан мутлақо бехабарлар. Аксинча, улар ўз жонларини ҳалок қилдилар ва уни арзон баҳога сотдилар. Бундай қилмишлар кўпроқ, яҳудийлар, насоролар ва улар каби Аллоҳнинг қонунларига қарши чиқувчи бузғунчилардан содир бўлади. Ушбу ваҳийнинг нозил бўлишининг сабаби: аввалда мусулмонларга ал-Қудсга (Иерусалим) юзланиб намозни адо этиш буюрилган эди. Бу ҳолат уларнинг Маккадалик пайтларида ва Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг яна бир ярим йил давом этди. Албатта бу ҳукмни ўзига яраша катта бир ҳикмати бор эдики, унинг бир қисмини Аллоҳ бизга билдирди. Бироқ, оқибатда, Ўзининг илоҳий ҳикмати билан Аллоҳ Таъало мусулмонларга энди [Ал-Қудс томонга қараб эмас, балки] кааба томонга юзланиб намоз ўқишларини амр қилди. Ва Аллоҳ Таъало олдиндан хабар бериб, ақли паст одамлардан албатта: “Мусулмонларни аввалги қиблаларидан нима юз ўгиртирди? Ал-Қудсга қараб намоз ўқишликдан уларни нима тўсди экан?”, дейдиганлари топилишини айтди. Шубҳа йўқки, бундай гаплар Аллоҳ Таъалонинг иродасига қарши чиқиш ва Унинг марҳаматини инкор қилишдир. Ва Ўзининг иймонли бандаларига далда бериш учун, Робб Таъало олдиндан, мана шундай гаплар албатта бўлишини ва бундай гапларни фақат нодон, Аллоҳнинг мададидан маҳрум қилинган эси паст кишилар гапиришини башорат қилди. Бу нарса мусулмонларга маълум бўлганидан кейин, энди улар аҳмоқ кимсаларнинг бундай шубҳаларига эътибор қилмасликлари керак эди, ахир [ҳақиқатдан ҳам] ақли расо, доно киши ҳеч қачон аҳмоқларнинг эътирозларига аҳамият бермайди ва бу билан ўз ақлини банд қилмайди. Оятда аниқ келтирилмоқдаки, Аллоҳнинг ўрнатган қонун-қоидаларига фақат ақли паст кимсаларгина эътироз билдирадилар, бунинг муқобилида, ҳақиқий иймонли кишилар, У Зотнинг барча ҳукмларига сўз ва амал билан бўйсунадилар. Шунинг учун Аллоҳ Таоло бошқа бир оятда: «Мўмин эркак ва мўмина аёл учун, Аллоҳ ва Унинг элчиси бирон қарорни чиқарганида, ўз билганича ихтиёр қилиш йўқдир. Ким Аллоҳга ва Унинг элчисига осийлик қилса, батаҳқиқ, очиқ адашиш билан адашибди» (33:36); «Йўқ! Роббингга қасамки, то улар ўзаро ораларида рўй берган келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича, сўнгра чиқарган ҳукмингиздан қалбларида ғилли-ғашлик топмасдан, тамомий таслим бўлмагунларича, асло иймон келтирмаслар [мўмин бўла олмаслар]» (4:65); «Қачонки мўминларни Аллоҳга ва Унинг элчисига, ўрталарида ҳукм чиқариш учун чақирилганда, уларнинг гаплари: “Эшитдик ва бўйсундик”, демоқликларидир. Ана ўшалар ютуққа эришувчилардир» (24:51). Борди-ю, инсон буни аксини қилар экан, сўзсиз у нодондир ва шунинг ўзи, унинг гапларини рад этмасликка ва аҳамият бермасликка кифоя қилади. Аммо, Аллоҳ Таъало уларнинг шубҳали айбловларини жавобсиз қолдирмади ва шак-шубҳаларини тарқатиб ташлади, зеро улар баъзи кишиларни адашишга олиб келиши мумкин эди.
2:141.
تِلْكَ أُمَّةٌ قَدْ خَلَتْ لَهَا مَا كَسَبَتْ وَلَكُم مَّا كَسَبْتُمْ وَلَا تُسْأَلُونَ عَمَّا كَانُوا يَعْمَلُونَ
Оят: Бу уммат [Иброҳим ўз ўғиллари билан ва Яъқуб ўз ўғиллари билан — бир уммат эди] улар ўтиб кетдилар [хозирда энди йўқлар]. Улар [охиратда] ўзлари касб қилган нарсаларига эришадилар [яъни, уларнинг амалларидан сизга насиба йўқ]. Сизлар [ҳам охирги ҳаётда] ўзингиз касб қилган нарсани оласиз [яъни, уларга сизларнинг амалларингиздан насиба бўлмайди]. Ва сизлар уларнинг қилиб ўтган ишларидан сўралмассиз [зеро ҳар бир одам ўзининг амалига яраша тақдирланади ва бирон киши, бошқани гуноҳидан сўралмайди].

Тафсир: [Ушбу оятнинг тафсирини биз юқорида келтирган эдик. Аллоҳ Таъало уни қайта такрорлашининг сабаби, одамлар махлуқотлар билан ўз умидларини боғламасинлар. Инсон ўз амалларига қарасин, ўтган аждодларининг, ёки ота-онасининг амалларига эмас, зотан, кишига “Мен фалончининг эргашувчисиман”, деган қуруқ гаплардан мутлақо фойда бўлмайди, аксинча, унинг ихлос билан қилиб ўтган солиҳ амалларигина унга ёрдам бериши ва фойда келтириши мумкин.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:140.
أَمْ تَقُولُونَ إِنَّ إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالْأَسْبَاطَ كَانُوا هُودًا أَوْ نَصَارَى قُلْ أَأَنتُمْ أَعْلَمُ أَمِ اللَّهُ وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّن كَتَمَ شَهَادَةً عِندَهُ مِنَ اللَّهِ وَمَا اللَّهُ بِغَافِلٍ عَمَّا تَعْمَلُونَ
Оят: Ёки сизлар [эй аҳли китоб], Иброҳимни, Исмоилни, Исҳоқни, Яъқубни ва асбот [унинг авлодлари]ни яҳудий, ёки насроний бўлган, демоқчимисиз? [Ҳолбуки, бу пайғамбарларнинг барчаси яҳудийлик ва насронийлик пайдо бўлишидан илгари яшаб ўтганлар-ку!]
Айтинг: “[Улар қайси динни тутганлари ҳақида] сизлар [яхшироқ] билгувчимисиз, ёки Аллоҳми?”. Аллоҳдан [унга берилган] гувоҳликни ўзида беркитган кимсадан ҳам золимроқ ким бор? [Чунки яҳуд ва насоролар, ўзларининг китобларида зикри келган — охирги пайғамбарнинг белгиларини яширган эдилар]. Ва [батаҳқиқ], Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил [беэътибор] эмасдир.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало, аҳли китобларнинг пайғамбарлар билан боғлиқ бўлган яна бир асоссиз иддаолари ҳақида хабар берди. Уларнинг фикрича, мусулмонлардан кўра, айнан уларнинг, бу оятда исмлари ёд этилган буюк пайғамбарлар билан кўпроқ боғланишлари бор, аммо Аллоҳ уларнинг бу даъволарини ҳам йўққа чиқарди. Наҳотки улар Аллоҳданда билимлироқ бўлсалар? Улар Иброҳим (алайҳиссалом)ни яҳуд, ёки насоролардан бўлган деб ҳисоблайдилар, бироқ бунга раддия бериб, Аллоҳ деди: «Иброҳим на яҳудий ва на насроний бўлмаган. У ҳаниф [яккаилоҳликни маҳкам тутгувчи], мусулмон бўлган ва мушриклардан бўлмаган» (3:67). Энди: ё улар ҳақни гапириб, ҳақни яхшироқ биладиларми? Ёки Аллоҳ ҳақни гапириб, ҳақдан кўпроқ хабардорми? Бунинг жавоби кундай равшан! Албатта, Аллоҳ ҳақни гапириб, улардан кўра ҳақни яхшироқ билишлигида умуман шуҳба қилмаса ҳам бўлади, бу ҳақда ҳаттоки савол бериш ноўрин! Бундай ҳақиқатлар ҳар бир кишига аёндир. Масалан: “Кун ёрқинроқми, ёки тунми?”, “Олов иссиқроқми, ёки сувми?”, “Яккаилоҳлик яхшироқми, ёки бутпарастликми?” деган саволларни берса бўлади, аммо бу саволларнинг жавоби аниқ ва тушунтириб берилишга муҳтож эмас. Худди шундай, биз муҳокама қилаётган саволнинг жавоби ҳам заррача ақлга эга бўлган кишига маълумдир. Албатта, аҳли китоблар ҳам буни яхши биладилар. Иброҳим ва бошқа пайғамбарлар (уларга Аллоҳнинг саломи бўлсин) на яҳудий ва на насроний бўлмаганликларини улар жуда яхши биладилар, бироқ бунинг илмини яшириб, бу ҳақиқатга гувоҳлик беришдан бош тортадилар. Ҳолбуки бундай қилишлари улкан адолатсизликдир. Аллоҳдан берилган билим ва гувоҳликни беркитган бузғунчи кимсаданда золимроқ ким бўлиши мумкин? Бу гувоҳликни улар одамлардан олмаган эдилар, балки у Аллоҳдан уларга берилган нарса эди ва улар бу гувоҳлик талаб қилган нарсаларни бажаришга буюрилган эдилар. Бироқ улар уни сир тутдилар ва бутунлай унга зид бўлган даъволар билан чиқдилар. Улар нафақат ҳақни яшириб, уни очиқ эълон қилишдан бош тортдилар, балки ботилни ошкор қилиб, уни одамлар ичида тарқата бошладилар ва унга чақирдилар. Ахир бу қилмиш, мудҳиш адолатсизлик эмасми? Аллоҳга қасамки, бу даҳшатли адолатсизликдир ва батаҳқиқ, аҳли китоблар унинг учун энг даҳшатли жазога гирифтор қилинадилар! Шунинг сабабидан, Аллоҳ Таъало аҳли китобларнинг амалларини эсидан чиқармаслигини хабарини берди. У Зот уларнинг ёмон қилмишларини ҳисоблаб қўйган ва улар мустаҳиқ бўлган жазони уларга тайёрлаб қўяди. Бу нақадар ёмон жазодир! Фосиқларнинг қарор топар жойи бўлган жаҳаннам — нақадар ёмон қароргоҳдир!
Қуръоний ваҳийнинг услуби шунақа: аввалига инсонларнинг амаллари зикр қилинса, ортидан улар лойиқ бўлган жазо ва Аллоҳнинг илми, ҳамда қудрати зикр қилинади. Албатта, бу нарсада бандаларни жаннат мукофотига ундаш ва жазодан огоҳлантириш бордир.
Аммо Аллоҳнинг гўзал исмларини диний кўрсатмалардан кейин зикр қилиниши эса, ислом динининг қонунлари ва адолатли жазо, илоҳий фаолиятнинг натижаларидан бири ва илоҳий фазилатларнинг оқибати эканидан далолат беради.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:139.
قُلْ أَتُحَاجُّونَنَا فِي اللَّهِ وَهُوَ رَبُّنَا وَرَبُّكُمْ وَلَنَا أَعْمَالُنَا وَلَكُمْ أَعْمَالُكُمْ وَنَحْنُ لَهُ مُخْلِصُونَ
Оят: Айтинг [аҳли китобларга, эй Муҳаммад ﷺ]: “[Сизлар бизни ўз куфрингизга ишонтириш учун] биз билан Аллоҳ ҳақида бахс-мунозара қиласизларми? Ҳолбуки, У Зот бизнинг Роббимиз ва сизнинг Роббингиздир. Бизларга ўз амалларимиз [сизнинг амалингиздан сўралмасмиз] ва сизларга эса ўзингизни амалларингиз [сизлар бизнинг амалларимиздан сўроқ қилинмассиз]. Ва биз У Зот учун [Унинг муҳаббат и ва ризолигига эришиш мақсадида, амалларимизни ширкдан, риёдан, бидъатдан поклаб] ихлос қилувчилармиз.

Тафсир: [Бу оятдаги “талашиб-тортишув”дан мурод — икки, ёки ундан ортиқ кишиларнинг бахслашувидирки, унда ҳар бир томон ўз нуқтаи назарини ҳақ деб билиб, бошқа томоннинг нуқтаи назарини ботилга чиқармоқчи бўлади. Бундай бахслашувларни чиройли услубда ўтказмоқ шарт, токи бундан мақсад: қисқа, лўнда йўл билан иккинчи (адашаётган) томонга ҳақни етказиш; ёки, ҳақни баён қилиш ва ботилни ошкор этиш орқали, ўжарлик қилаётган кофирни ўз билмисизлигини рўкач қилиб, ўзини оқлаш фурсатидан маҳрум қилиш бўлсин. Аммо, агар бахс-мунозара ушбу чегаралардан чиқиб кетадиган бўлса,шубҳасиз, у адоват, душманлик мунозарасига айланади ва ундан бирон фойда йўқ, аксинча у улкан зарарни келтириши мумкин.
Эй аҳли китоб! Сизлар мусулмон умматидан кўра Аллоҳга яқинроқ эканингизни даъво қилмоқдасиз, аммо сизларнинг қуруқ гапларингиз бирон ҳуждат, ёки далилга асосланмаган. Аллоҳ фақат сизларнинг Роббингиз эмас, балки бутун инсониятни Роббисидир. Сизларнинг ҳар бирингиз фақат ўз амаллари устида сўроқ-савол қилинур, бу эса, бизларнинг тенгҳуқуқлилигимизга далилдир. Бирон тараф, Аллоҳ Таъалонинг иноятига кўпроқ сазовор эканини айта олмайди. Ва агар сизлар, ишончли далилга асосланмай, икки тенгҳуқуқли гуруҳ орасида ажримлик қилаётган бўлсангиз, у ҳолда сизларнинг иддаоларингиз ёлғон ва асоссиздир. Икки бирдек гуруҳга фарқли муомала қилиш — бу аниқ адолатсизликдир. Биз (мусулмонлар) ва сиз (аҳли китоблар)нинг орамиздаги фарқ — фақатгина самимийлик билан бажарилган солиҳ амалларимизда бўлиши мумкин. Аниқки, ягона Аллоҳга ихлос билан фақат мўмин-мусулмон бандаларигина сиғинадилар. Шундай экан, агар ихлос орқали нажот топилса, демак ихлосли мусулмонлар, бошқа одамлардан кўра, Аллоҳнинг фазлу иноятига кўпроқ лойиқ эканлар. Бундан келиб чиқадики, Раҳмонга яқин қуллар билан, шайтоннинг тарафдорлари орасидаги фарқ, фазилатли сифатлар, гўзал ахлоқлар орқали белгиланади ва ҳар бир ақли расо киши буни тан олади. Бу борада фақат мутакаббир, золим ва жоҳил кишиларгина талашиб-тортишадилар. Ушбу оятда, бахс-мунозараларнинг қай тарзда ўтказилиши лозимлиги таъкидлаб ўтилган.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:138.
صِبْغَةَ اللَّهِ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللَّهِ صِبْغَةً وَنَحْنُ لَهُ عَابِدُونَ
Оят: Аллоҳнинг дини [Исломни лозим тутинг! Яъни, Аллоҳга тўлиқ таслим бўлинг, чунки бу оятдаги “бўёқ”дан мурод, Аллоҳнинг дини — Исломдир]. Аллоҳдан ўзга яна ким [бундай] гўзал [бўёқ] динни ато эта олади. Ва биз У Зотга ибодат қилгувчилармиз.

Тафсир: [Аллоҳнинг динини лозим тутинг, унинг қонун-қоидаларига кўрсатиб берилгандек амал қилинг, жон ва тан билан солиҳ амалларни бажаринг ва тўғри эътиқодда бўлинг. Ҳамиша шундай қилингки, диндорлик ва салоҳият сизнинг ажралмас сифатингизга айлансин. Қачонки, бу нарса содир бўлса, шундагина ўз ихтиёрингиз билан, Аллоҳга муҳаббат туйган ҳолингизда У Зотнинг амрларини бажо келтирасиз. Шундагина иймон — жонингизни айрилмас қисми бўлиб қолади, худди бўёқ, кийимнинг айрилмас қисмига айлангани каби. Бу иймон сизларни гўзал ахлоқларга, солиҳ амалларга ва олий интилишларга туртадики, улар туфайли дунёда ҳам, охиратда ҳам фавзга эришасиз. Ва фазилатли ақл эгаларини ишонтириш мақсадида, Аллоҳ Таъало ҳақиқат дини — Исломга Ўз ҳайратини билдирди. Ҳўш, Аллоҳнинг динидан яна бошқа кимнинг дини яхшироқ бўлиши мумкин? Ундан афзалроқ бўлган динни ўзи йўқ! Аллоҳнинг дини билан, бошқа динларни фарқини билиш учун эса, бир-бирига бутунлай қарама-қарши бўлган икки нарсани солиштиришнинг ўзи кифоядир. Банда чин дилдан қунт қўйиб ўз Роббисига иймон келтирар экан, у бутун юраги билан У Зотнинг олдида синиқлик, камтарлик қилади ва барча ишларда Унга таслим бўлади. У ўзини гўзал хислатлар ва солиҳ амаллар билан зийнатлайди; ўзининг ахлоқий қиёфасини мукаммаллаштиради ва нафсини бадахлоқликдан, айбу камчиликлардан халос қилишга интилади. Гапирса фақат сидқ сўзларини айтади, амал қилса, фақат яхшисини бажаради, сабр, қаноат кўрсатади, иффатини сақлайди, ўзини рижоллардек тутади, атрофидагиларга сўз ва амал билан манфаат етказади, Аллоҳни севади ва Ундан қўрқади, ҳамда бор умидларини У билан боғлайди. У самимийлик билан ҳақиқий илоҳга сиғинади ва Унинг қулларига эзгулик кўрсатади. Аммо, агар банда Ўз Роббисига иймон келтиришдан бош тортар ва Ундан қочишга интилар экан, у сўзсиз махлуқотларга сиғина бошлайди. Унинг ахлоқи бузилади ва ёмонлашади, чунки у куфрни ўзига дин қилиб олди. У Аллоҳга ўзгаларни шерик қилади, ёлғон тўқийди, ишончни оқламайди, макр-ҳийла уюштиради, инсонларни залолатга олиб киради, фаҳш ишларини қилади ва одамзотга сўз ва амал билан кулфат етказади. Унинг сифатлари орасида, Аллоҳга самимийлик билан қуллик қилиш ва Аллоҳнинг бандаларига чиройли ахлоқ кўрсатиш умуман йўқ. Албатта, юқорида васфи келган бу икки кишини бир-бири билан солиштирилса, уларнинг орасида жуда улкан фарқ бор ва мана шунинг ўзидан, Аллоҳнинг динидан бошқа яхшироқ дин йўқлигини тушуниб олса бўлади. Бу оятдан яна шундай хулоса келиб чиқадики, инсонлар ичида энг ёмон, энг бузғунчи ва энг разиллари — Ўз Роббиларининг динини тутмаганларидир.
Сўнгра, Аллоҳ Таъало алоҳида таъкидлаб, мусулмон бандалари ягона Аллоҳгагина сиғинишларини айтиб ўтди. Бу лафз, У Зотнинг динини моҳиятини баён қилиб беради, ахир Ислом дини иккита энг муҳим асос устига қурилган, бу эса: 1) Аллоҳга ихлос билан ибодат қилиш; 2) Пайғамбар ﷺнинг йўлидан эргашиш.
Ибодат — бу: Аллоҳга суюмли бўлган ва Аллоҳ рози бўлган, тан ва жон билан бажариладиган барча сўз ва амалларни ўзида жамлаган тушунчадир. Бироқ амаллар набий ﷺнинг кўрсатмаларига мувофиқ бўлмас экан, Аллоҳ уларни қабул қилмайди. Ҳақиқий қуллик қилиш деганда, барча яхши амалларни Аллоҳга ихлос қўйиб бажаришлик назарда тутилади. Биз муҳокама қилаётган оятда, амалларни ягона Аллоҳга ихлос билан қилиниши ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтилган, зеро бошқарувчи, бошқарилувчидан аввал зикр қилинган.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:137.
فَإِنْ آمَنُوا بِمِثْلِ مَا آمَنتُم بِهِ فَقَدِ اهْتَدَوا وَّإِن تَوَلَّوْا فَإِنَّمَا هُمْ فِي شِقَاقٍ فَسَيَكْفِيكَهُمُ اللَّهُ وَهُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ
Оят: Бас [эй иймон келтирганлар], агар улар [кофирлар] сиз унга [қуръонга] иймон келтирганингиздек, [унга] иймон келтирсалар, албатта, ҳидоят [йўлини] топадилар. Ва агар юз ўгирсалар, бас улар ихтилоф [ўзаро бўлиниб кетиш ва зиддият]лар ичидадир. Аллоҳнинг Ўзи сизни [эй Муҳаммад] улардан [уларнинг ёмонлигидан] халос қилади [ва ёрдам беради], ахир У — [сизларнинг гапларингизни] эшитгувчи, [тутган мавқеингизни] билгувчи Зотдир.

Тафсир: [Эй мўминлар жамоаси! Агар аҳли китоблар барча самовий китобларга, ва уларнинг орасидаги энг сўнгги китоб — қуръонга иймон келтирсалар, ҳамда жамики пайғамбарларга ва уларнинг энг афзали бўлган сўнгги пайғамбар — Муҳаммад ﷺга иймон келтирсалар, батаҳқиқ, улар сизлар билан бир эътиқодни тутган ва Аллоҳга итоат қилган бўладилар. Аллоҳнинг пайғамбарлари ўртасида ажримлик қилишни тўҳтатсалар, жаннатга олиб борувчи ҳақ йўлига чиқадилар. Инсон мана шу саҳиҳ эътиқодни тутсагина, тўғри йўлни топади ва “Яҳудийлик, ёки насронийлик динини тутинг, албатта, ҳидоят топасиз” дейдиган кишилар, батаҳқиқ адашдилар. Уларнинг фикрича, фақат уларнинг дини ҳақ кўрсатма бўла олади, ҳақиқатда эса, тўғри йўл, бу — саҳиҳ илмлар ва амали солиҳдир. Агар инсон саҳиҳ илм ва маърифатни эгалламаса, ёки уларни эгаллаганидан сўнг, уларга амал қилмаса, у ҳолда, унинг тўғри йўлдан озиб кетиши муқаррардир. Яҳуд ва насороларга келсак, улар ҳақиқат билан айрилиб, ундан йироқлашиб кетдилар, чунки билиб турган ҳолларида ундан юз ўгирдилар. Қачонки инсон ҳақдан узоқлашар экан, унинг ўзи бир томон, Аллоҳ ва росули эса унга қарши томонда бўлиб қолади. Шунда у ҳақдан ажраган ҳолида, ҳаққа душманлик қила бошлайди ва Аллоҳ ва росулини ранжитадиган нафратни унга намойиш этади. Айнан шунинг учун ҳам, Аллоҳ Таъало пайғамбарига, унга нисбатан адолатсизлик, зулм қилаётган кимсалардан халос қилишини ваъда қилди, ахир Аллоҳ ҳар қандай лафзни, ҳар қандай сўровни — у қандай тилда талаффуз қилинмасин — эшитгувчидир. У Зот барча ошкора ва яширин, бандаларнинг ўтмишида бўлган ва келажагида бўладиган нарсалардан хабардордир. Бундай олий сифатларга эга бўлган Аллоҳ, ҳақиқатдан ҳам Ўзининг пайғамбарини фосиқ кимсаларнинг ёмонлигидан халос қилди. Аллоҳ Ўз ваъдасига вафо қилди ва набий ﷺга душманлари устидан ғалаба қозонишга ёрдам берди. У зот ﷺнинг душманларини бир тоифаси ҳалок бўлди, бошқалари асирликка тушдилар, учинчилари қувиб ҳайдалдилар, тўртинчилари эса қочқинлик билан жонларини асраб қолдилар. Ушбу оят, қуръони кариймнинг мўъжизотларидан биридир. Чунки унда ҳали бўлиб ўтмаган воқеани башорати берилган ва келажакда ўша воқеа худди шу оятда айтилганидек юз берди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
Аллоҳнинг пайғамбарлари фақат яхшиликка чақириб, ёмонликдан огоҳлантирганлар, шу билан бирга, уларнинг ҳар бирлари, бошқа пайғамбарларни ростгўйликларини тасдиқлаганлар ва сўзларида ҳақлигига гувоҳлик берганлар. Уларнинг таълимотлари асло бир-бирларига зид бўлмаган, зотан уларнинг барчалари Аллоҳ томонидан юборилган эдилар. Жаноби Ҳақ деди: «Наҳотки улар қуръон устида тадаббур (тафаккур) юритмасалар? Ахир, агар у Аллоҳдан нозил бўлмаганида, улар унинг ичида кўплаган қарама-қаршиликларни (ихтилофларни) топган бўлар эдилар» (4:82).
Аллоҳнинг пайғамбарларидан фарқли ўлароқ, ёлғончи “пайғамбар”ларнинг даъватлари ва қайтариқлари кўпинча бир-бирига терс, тафовутли бўлади ва бу нарса, ёлғончи пайғамбарларнинг ҳаёти ва таълимотини ўрганган ҳар бир ақлли кишига маълумдир.
Ушбу оятда, мусулмон уммати маҳкам тутиши лозим бўлган эътиқод ҳақида умумий ва қисман баён қилинганидан кейин, Аллоҳ Таъало мусулмонларга, Унинг Ўзига тўлақонли итоат қилишни буюрди, зеро биронта сўз, ёки калима, амал билан тасдиқланмас экан, инсонга фойда келтирмайди. Ислом уммати Аллоҳнинг жалолатига бўйин эгиши, У Зотга жони ва бадани билан сиғиниши, ҳамда фақат Унинг Ўзига самимийлик билан, сидқидилдан қуллик қилиши шартдир. Ушбу ояти карима, қисқа, лўнда бўлишига қарамасдан, у яккаилоҳлик (тавҳид)нинг ҳар уччала қисмини ўз ичига жамлаган, яъни: фақат ягона Аллоҳнинг Ўзи Робб — Тарбия қилувчи эканлигига иймон келтириш; У Зотнинг (сиғинилишга лойиқ) ягона илоҳ эканлигига иймон келтириш ва фақат Унинг Ўзи илоҳий исм ва сифатларга Эгалик қилишига иймон келтириш. Шунингдек, оятда барча пайғамбарларга ва барча китобларга иймон келтиришни нечоғли зарурийлиги айтилган, шундан сўнг эса, баъзи бир пайғамбарларнинг исмлари ёд этилмоқдаки, бунда қисмийни, умумийга киритиш қоидаси мавжуд ва албатта, бир элчи, бошқа элчидан устунликка эга бўлганлигига гувоҳлик бор.
Оятдан яна шуни хулоса қилиб чиқариш мумкинки, иймон — қалбдаги ишончдан, сўз билан талаффуз қилишдан ва амал билан тасдиқлашдан таркиб топган ва бу уч нарса, ягона Аллоҳга чин ихлос билан баҳш этилиши шарт. Ўзининг бу улуғвор оятида Робб Таъало Ўз бандаларини, улар иймон сўзларини қай тарзда айтишлари кераклигига ўргатди, уларга буюк фазлини кўрсатиб, дунё-ю охират саодатига эриштирувчи руҳий озуқа билан икром қилди. Ўз китобини барча нарсанинг баёни (тушунчаси), мўминларга энг тўғри кўрсатма ва раҳмат қилиб қўйган Аллоҳ — пок ва олийдир!]

https://t.me/tafsirassaadiy
Бу ваҳий эса — қуръон ва суннатдир, зеро марҳаматли Аллоҳ, деди: «Аллоҳ сизга китоб ва ҳикматни нозил қилди» (4:113).
“Китобга иймон келтириш”, деганда, қуръон ва суннатда зикри келган: Яратувчининг сифатлари, пайғамбарини фазилатлари, охират куни, ўтмишда ва келажакда бўлиб ўтадиган ишлар, ҳамда, барча қисса ва ҳикояларга иймон келтиришлик назарда тутилган. Бунга яна, диний қонун-қоидалар, мерос, қасос, шаръий ҳадд (жазо) ва шу каби нарсалар киради.
Аллоҳ Таъало томонидан олдинги пайғамбарларга нозил қилинган китобларга келсак, мусулмон киши сўзсиз уларга иймон келтиради ва тан олади. Улар [пайғамбарлар]нинг ичида энг кўзга кўринганлари биз муҳокама қилаётган оятда ёд этилган, чунки улар пайғамбарлар сисиласининг энг афзаллари бўлиб, ер юзига буюк диний аҳкомларни келтирганлар. Аслида, мусулмон киши умумий ҳолда, Аллоҳнинг барча [исмларини таниса ва танимаса ҳам] пайғамбарлари ва китобларига иймон келтиради [ва бунинг исми — “Иймон мужмал” дейилади — тарж], аммо, агар унга муайян пайғамбар, ёки китобнинг исми [қуръон ва суннатдан] маълум бўлса, у ҳолда, уларнинг ҳар бирига алоҳида иймон келтириши шарт [ва буни шариатимизда — “Иймон муфассал”, дейилади — тарж.]
Аллоҳнинг пайғамбарлари ва китоблари ўртасини ажратиб, уларни орасини фарқлашга ҳеч бир мусулмоннинг ҳаққи йўқ. Билъакс, ҳар бир пайғамбар ва ҳар бир китобга иймон келтирилади ва бу мусулмон умматигагина хос бўлган жиҳатдирки, унинг туфайли мусулмонлар, ўзларини бирон бир асоссиз “мўминмиз” деб атаётган кимсалардан ажралиб турадилар. Яҳудийлар, насоролар, собийлар ва бошқа дин вакиллари, ўзларини пайғамбарларга ва китобларга иймон келтирган кишилардан, деб ҳисоблайдилар. Аммо, ҳақиқатда олиб қаралса, улар пайғамбарларнинг ва китобларнинг бир қисмини тан оладилар-да, бошқа қисмини инкор қиладилар. Улар Аллоҳнинг элчилари ва китоблари орасида ажримлик қиладилар, бир қисм пайғамбарларга иймон келтириб, қолганларига куфр келтирадилар. Шубҳасизки, бу куфр, уларнинг бошқа пайғамбарларга бўлган иймонларини барбод қилади, чунки улар ростгўй деб тан олган бир пайғамбар [масалан, Мусо, ёки Ийсо (алайҳимассалом)лар], бошқа ҳамма пайғамбарларнинг ростгўй, сўзида содиқ бўлганлигини тасдиқлаб кетган, айниқса, Муҳаммад ﷺнинг ростгўйлигини. Ва модомики, инсон Муҳаммад ﷺга иймон келтиришни хоҳламас экан, ҳақиқатда у ўз пайғамбарининг таълимотини қабул қилмаган бўлади ва бу иши билан кофир бўлади. Ушбу оятдаги: “Пайғамбарларга Роббиларидан ато этилган нарсага”, иборасидан шуни англаш мумкинки, дин — бу ато этилган неъматлар ичида энг афзали ва буюгидир, у инсонга ҳаёти дунёда ҳам, охират диёрида ҳам ҳақиқий бахт-саодат олиб келадиган марҳаматдир. Биз, пайғамбарларга ато этилган молу давлат, ёки қандайдир бошқа дунёвий неъматларга иймон келтиришга буюрилганимиз йўқ, аммо, бизга амр қилинган нарса, бу: пайғамбарларга нозил қилинган қонун, дин, йўлга иймон келтиришдир.
Бу ваҳийдан яна шуни тушуниб олиш мумкинки, пайғамбарлар — Аллоҳнинг ваҳийсини инсонларга етказиб берувчи, Холиқ билан одамлар ўртасида турувчи кишилар бўлганлар ва уларнинг бирдан бир вазифаси, илоҳий динни инсонларга етказиш эди. Бироқ, шунга қарамай, оламда бўлаётган ишларда пайғамбарларга бирон ҳукм ва на бошқарув берилмаган. Роббиларидан ваҳийни қабул қилиб олишликларида, Аллоҳ Таъалонинг Ўз бандаларига нақадар меҳрибон эканлиги ва Аллоҳ қанчалар Ўз бандаларини севишига ёрқин гувоҳлик бор. Ўзи энг мукаммал, олий ва етук Илоҳ бўлгани ҳолида, Аллоҳ Таъало инсонларга китобларни нозил қилиб, уларга Ўз элчиларини юборар эди ва бандаларини унутиб қўйишлик, ёки уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйишлик, албатта Робб, Илоҳ бўлган Зотга ярашмайди. Демак, агар набий ва росуллар ўз Роббиларидан ваҳийни қабул қилиб олган бўлсалар, биз муҳокама қилаётган оятда, ҳақиқий пайғамбар билан, ўзини “пайғамбарман”, деб олган каззоб, ёлғончини фарқи келтирилмоқда. Бу фарқни аниқлаш учун, уларнинг ҳар бирлари нимага чақирганликларига эътибор қаратишнинг ўзи кифоядир.
2:136.
قُولُوا آمَنَّا بِاللَّهِ وَمَا أُنزِلَ إِلَيْنَا وَمَا أُنزِلَ إِلَى إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالْأَسْبَاطِ وَمَا أُوتِيَ مُوسَى وَعِيسَى وَمَا أُوتِيَ النَّبِيُّونَ مِن رَّبِّهِمْ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِّنْهُمْ وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ
Оят: [Эй иймон келтирганлар!] Айтинг [ўша яҳуд ва насороларга]: “Биз [фақат Уни илоҳ тутган ҳолимизда] Аллоҳга ва бизга нозил қилинган нарса [қуръон]га, Иброҳимга, Исмоилга, Исҳоққа, Яъқубга ва асботлар [Яъқубнинг ўн икки авлоди]га нозил қилинган нарса [ўн саҳифа]га, Мусо ва Ийсога ато этилган нарсалар [таврот ва инжил]га, ҳамда, пайғамбарларга Роббиларидан берилган нарса [аввалги китоб]ларга иймон келтирдик. Биз у [пайғамбар]лар орасидан биронтасини ажратмаймиз [зеро сизлар каби, бир пайғамбарни тан олиб, иккинчисини инкор этгувчилардан эмасмиз] ва биз Унга [Аллоҳга] таслим бўлдик”.

Тафсир: [Бу ва бунга ўхшаш бошқа оятларда, инсонлар иймон келтиришлари вожиб бўлган жамики нарса қамраб олинган. Шуни билиб олиш муҳимки, иймон — деб: диннинг асосларига қатъий ишонч ҳосил қилиш ва бу ишончни, қалб ва бадан амаллари билан тасдиқлашга айтилади. Бундан келиб чиқадики, иймон ўзида солиҳ амалларни жамлаган ва улар иймоннинг ажралмас қисми, ҳамда унинг натижаси бўлиб ҳисобланади. Агар қуръон оятларида иймон (исломдан) алоҳида зикр қилинса, у албатта, исломни ва солиҳ амалларни назарда тутади; агар ислом (иймондан) алоҳида зикр қилинса, у иймон ва саҳиҳ эътиқодни назарда тутади. Аммо, борди-ю, улар бирга зикр қилинсачи? У ҳолда, иймон деб — қалбдаги ишонч, ислом деб эса — очиқ бажариладиган солиҳ амаллар назарда тутилади. Худди шуни, иймон билан амали солиҳ ёд этилган ваҳийга нисбатан ҳам айтса бўлади. Биз муҳокама қилаётган оятда, Аллоҳ Таъало мўмин бандаларинга ўз тиллари билан, қалбларида акс этган нарсани айтишни буюрди. Фақат шу ҳолдагина, сўзлар тамомий ва мукаммал бўлиши мумкин ва фақат шу ҳолдагина, улар инсонга ажр-мукофот келтириши мумкин. Агар инсон тили билан шаҳодат калимасини айтса-ю, аммо қалбида унга ишонмаса, бундай қилмиш — мунофиқлик ва куфрдир. Агар у самимийлик билан бу калимани айтса-ю, бироқ унинг сўзлари солиҳ амаллар билан тасдиқланмаса, бу сўзлар унга ўз таъсирини ҳам ўтказмайди ва бирон манфаат ҳам етказмайди. Шубҳасиз, агар айтилаётган сўзлар тўғри бўлса ва инсон иймон асосларини тан олса, улар учун албатта ажрланади, лекин қуруқ гаплар қаёқда-ю, амаллар билан тасдиқланган гаплар қаёқда? Уларнинг орасидаги фарқ, кундек равшан. Бу оятдаги “Айтинглар” — буйруғи, исломий ақидани очиқ эълон қилиш, инсон унга ўзи риоя қилиб, атрофдаги инсонларни унга чақириши муҳимлигига ишорадир, зотан динимизнинг асосида айнан саҳиҳ дунёқараш ва тўғри эътиқод ётади. Ва энди бу буйруқ бутун мусулмон умматига қаратилган экан, демак улар биргалашиб Аллоҳнинг арқонидан маҳкам тутишлари, ягона ақидага чақиришлари ва унинг устида бирлашишлари, ҳамда умумий бўлган ишни бажаришлари шартдир. Мўминларнинг турли ҳил фирқа ва оқимларга бўлиниб кетишга умуман ҳақлари йўқ. Улар худди инсоннинг бадани каби бир бутун бўлишлари лозим. Ваҳийдан яна шундай хулоса чиқарса бўладики, инсон муайян китобларга иймон келтиришини айтиши жоиз. Бундан ташқари, ҳар бир мусулмон айнан шундай йўл тутиши керак. Бироқ, мусулмон кишига, [таъкидлаб туриб] ўзини: “Мен мўминман” дейиши ножоиздир. Билъакс, у бундай иборалардан эҳтиёт бўлмоғи керак, магарам, борди-ю, иймонини Аллоҳнинг иродасига боғламасагина [унда жоиз]. Чунки инсон ўзини [юз фоиз қатъийлик билан]: “Мен мўминман” дейишида, ўз-ўзини мақташлик бор ва бу, қалбда яширин бўлган нарсадан гувоҳлик беришга киради.
Мусулмон киши Аллоҳга — ягона илоҳга иймон келтиришга маъмурдирки, У Зотнинг мавжудлиги вожибдир ва У энг гўзал исмлар билан, энг мукаммал сифатлар билан васфлангандир, ҳамда, барча айбу нуқсонлардан пок ва муқаддасдир. Фақат Унинг Ўзигина сиғинилишга лойиқдир ва шерикларнинг шериклигидан муназзаҳдир. Шунингдек, мусулмон кишига вожиб бўлган нарса, бу Муҳаммад ﷺга нозил қилинган ваҳийга иймон келтиришдир.
Фақат шу орқалигина биз тўғри йўлдан боришимиз мумкин, зеро, агар биз унинг динидан четлансак, кофир ва адашган кимсалар қаторида бўлишимиз аниқ.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:133.
أَمْ كُنتُمْ شُهَدَاءَ إِذْ حَضَرَ يَعْقُوبَ الْمَوْتُ إِذْ قَالَ لِبَنِيهِ مَا تَعْبُدُونَ مِن بَعْدِي قَالُوا نَعْبُدُ إِلَهَكَ وَإِلَهَ آبَائِكَ إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ إِلَهًا وَاحِدًا وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ
Оят: Ёки сизлар [эй одамлар], қачонки Яъқубга ўлим [соати] келиб, у ўз ўғилларига: “Мен [оламдан ўтганим]дан сўнг нимага сиғинасизлар?”, деганида [ва] унинг ўғиллари [бунга жавобан]: “Биз сизнинг илоҳингиз ва оталарингиз Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқнинг илоҳи бўлган, ягона илоҳга ибодат қиламиз ва биз Унга таслим бўлгувчилармиз”, деганларида — гувоҳмидингиз [ўша ерда хозир бўлиб турганмидингиз].

Тафсир: [Бу оят билан, Аллоҳ Таъало: “Биз Иброҳим ва Яъқубнинг динини тутмоқдамиз”, деб даъво қилган яҳудийларга кескин раддия берди. Ахир улар Яъқубни дунёдан ўтадиган вақти келиб, у ўз ажали етганини сезганда, унинг ёнида бўлганмилар? Шу чоғда ўз ўғилларини синамоқчи бўлди ва унинг васиятига вафо қилишларидан қониқиш ҳосил қилгиси келди. У фарзандларига мурожаат этиб: “Мендан кейин кимга ибодат қиласизлар”, деб сўраганида, улар: “Биз сизнинг илоҳингизга, ҳамда, Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқнинг илоҳига қуллик қиламиз. Унга бирон нарсани шерик келтирмасмиз ва махлуқотлардан биронтасини Унга тенглаштирмасмиз. Ҳамиша итоатида бўламиз”, дедилар. Шу тариқа, улар ўз оталарига, яккаилоҳлик динини мустаҳкам ушлашга, солиҳ амалларни бажаришга ваъда берган эдилар ва бундай жавоб албатта Яъқуб (алайҳиссалом)ни рози қилди. Ҳеч шубҳа йўқки, у кезларда яҳудийлар Яъқуб (алайҳиссалом) билан бирга эмасдилар, зеро у вақтларда ҳали яҳудийлик динидан асар ҳам бўлмаган. Аллоҳ эса, уларга эслатма бериб, Яъқуб ўз ўғилларига яккаилоҳлик дини (ислом)ни васият қилганлигини ва яҳудийлик ҳақида бир оғиз ҳам сўз айтмаганини таъкидлаб ўтди.]


2:134.
تِلْكَ أُمَّةٌ قَدْ خَلَتْ لَهَا مَا كَسَبَتْ وَلَكُم مَّا كَسَبْتُمْ وَلَا تُسْأَلُونَ عَمَّا كَانُوا يَعْمَلُونَ
Оят: Бу уммат [Иброҳим ўз ўғиллари билан ва Яъқуб ўз ўғиллари билан — бир уммат эди] улар ўтиб кетдилар [хозирда энди йўқлар]. Улар [охиратда] ўзлари касб қилган нарсаларига эришадилар [яъни, уларнинг амалларидан сизга насиба йўқ]. Сизлар [ҳам охирги ҳаётда] ўзингиз касб қилган нарсани оласиз [яъни, уларга сизларнинг амалларингиздан насиба бўлмайди]. Ва сизлар уларнинг қилиб ўтган ишларидан сўралмассиз [зеро ҳар бир одам ўзининг амалига яраша тақдирланади ва бирон киши, бошқани гуноҳидан сўралмайди].

Тафсир: [Эй аҳли китоблар! Ҳар бир инсонга фақат унинг амаллари қолади ва ҳар бир одам фақат ўзининг ишлари учун ё мукофот, ёки жазо олади. Ҳеч бир жон, бошқа жонни қилиб ўтган хатоликларига жавоб ҳам бермайди, ва ҳеч ким, бошқани тақвосидан, солиҳлигидан ўзига улуш ҳам ололмайди. Сизлар Иброҳимни динини тутганликларингизни иддао қилмоқдасиз-у, аммо, ҳақиқатдан узоқ бўлган қуруқ гап, сафсата билан чекланмоқдасизлар. Бироқ, ўзингиз тутган дунёқараш устида теран ўйланиб кўришингиз керак. Бу эътиқод ва бу нуқтаи назар сизларга нажот топишингизга ёрдам берадими, йўқми ақл юритишга маъмурсиз.]

2:135.
وَقَالُوا كُونُوا هُودًا أَوْ نَصَارَى تَهْتَدُوا قُلْ بَلْ مِلَّةَ إِبْرَاهِيمَ حَنِيفًا وَمَا كَانَ مِنَ الْمُشْرِكِينَ
Оят: Улар [яҳуд ва насоролардан бўлган кимсалар, мусулмонларга қарата]: “Яҳудий ёки насроний[лардан] бўлинглар, бас, ҳидоят топгувчилардан бўласиз”, дедилар. Айтинг: “Йўқ! [Ундан кўра] ҳаниф бўлган [яккаилоҳликни тутган] Иброҳимнинг динига эргашамиз ва у [асло] мушриклардан бўлмаган [чунки у ботилий бўлган барча динларни рад этиб, ўзига ҳақиқий динни танлаган эди].

Тафсир: [Яҳудийлар ва насоролар, мусулмонларни ўзларининг динларига тарғиб қилдилар ва фақат уларнинг йўли — тўғри йўл, бошқа дин тарафдорлари эса адашишликда эканликларига ишонтирмоқчи бўлдилар. Аммо, Аллоҳ Таъало мусулмон бандаларига, яҳуд ва насороларга энг ишончли раддияни беришларини буюрди ва улар дедилар: “Биз Иброҳим (алайҳиссалом)ни динини маҳкам тутамиз, чунки у ягона Аллоҳга ибодат қилган ва бошқа [соҳта илоҳлар]дан юз ўгирган эди. У яккаилоҳликка риоя қилган, ҳамда мушрикликдан, бутпарасликдан бутунлай воз кечган эди.
2:130.
وَمَن يَرْغَبُ عَن مِّلَّةِ إِبْرَاهِيمَ إِلَّا مَن سَفِهَ نَفْسَهُ وَلَقَدِ اصْطَفَيْنَاهُ فِي الدُّنْيَا وَإِنَّهُ فِي الْآخِرَةِ لَمِنَ الصَّالِحِينَ
Оят: [Бас] Иброҳимнинг дини [яккаилоҳлик, тавҳид ва Аллоҳнинг итоати]дан, ўз нафсини [яъни, ўз-ўзини] пастлатган [хорлаган]лардан бошқа ким ҳам юз ўгирар эди? [Ва Мен — Аллоҳ — қасам ичиб айтаманки, ҳақиқатдан ҳам] Биз уни [Иброҳимни] бу дунёда танлаб олдик [Ҳаёти дунёда, Аллоҳ Иброҳим (алайҳиссалом)ни бошқа барча пайғамбарлардан афзал қилди, магарам, фақат Муҳаммад ﷺгина ундан устунликка эга, ҳамда Аллоҳ уни ўзига халил — суюмли дўст қилиб олди]. Ва батаҳқиқ, охират ҳаётида у солиҳлардан бўлажак.

Тафсир: [Ҳақиқатдан ҳам, Иброҳим (алайҳиссалом)нинг юксак фазилатлари ва афзалликларини билгандан сўнг, унинг миллати [яъни, дини]дан фақат нодон, аҳмоқ кимсаларгина юз ўгиради. Бундай одамлар ўзлари ҳақида ҳеч нарса билмайдилар ва ўз жонларига (нафсларига) нисбатан эътиборсизлик, лоқайдлик кўрсатадилар. Улар арзимас нарсаларни деб, ўз жонларини арзон баҳога сотадилар. Иброҳим (алайҳиссалом)нинг динини мустаҳкам тутганларга келсак, улар энг ақли расо ва етук кишилардир. Шундан сўнг, Аллоҳ Таъало Иброҳим (алайҳиссалом)нинг дунёдаликларида ва ўлимларидан сўнг топадиган тақдири ҳақида ҳикоя қилди. Ҳаёти дунёда у Аллоҳнинг танлаб олган пайғамбари бўлдики, Аллоҳ уни энг аъло ва энг комил инсонлардан бўлишлиги учун, эзгу ва солиҳ амалларга илҳомлантирди. Охират диёрида эса, у солиҳ кишилардан бўладики, бу солиҳлар энг буюк мартабалар ва энг олий даражаларга эришишга муваффақ бўладилар.]


2:131.
إِذْ قَالَ لَهُ رَبُّهُ أَسْلِمْ قَالَ أَسْلَمْتُ لِرَبِّ الْعَالَمِينَ
Оят: Қачонки Роббиси унга [Иброҳимга мурожаат қилиб]: “Таслим бўл” [яъни, Роббингга ўзингни тўлақонли топшир ва батамом итоат қил] — деганида, у [ўша заҳотиёқ]: “Оламлар Роббисига таслим бўлдим”, деди.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало, Ўзининг пайғамбари Иброҳимга ўзини Роббисига таслим бўлган ҳолида топширишини буюрганида, Иброҳим (алайҳиссалом) бир лаҳза ҳам ўйланиб ўтирмай, шу дамда буйруқни адо этди ва шу амали билан, у ўзининг [Аллоҳга бўлган] ихлоси, самимийлиги, яккаилоҳликка нақадар берилганлиги, ягона Аллоҳнигина севиши ва Унинг олдида тавба қилишини тасдиқлади. Тавҳид — яккаилоҳлик эса, унинг ажралмас сифатига айланди. Бу гўзал сифат — яккаилоҳликка берилишни у ҳаттоки ўзининг авлодларига сингдирди ва ҳамиша шу йўлни маҳкам тутишларини васият қилди. Тавҳид калимасини у, зурриётлари орасида боқий қолувчи калима ва авлоддан авлодга ўтадиган илм қилиб қолдирди. Бир вақтлар ўтиб, бу гўзал калима [лаа илааҳа иллаллоҳ калимаси] ҳаттоки Яъқуб (алайҳиссалом)гача етиб бордики, у бу олий каломни ўз ўғиллари ва авлодларига васият қилди.]


2:132.
وَوَصَّى بِهَا إِبْرَاهِيمُ بَنِيهِ وَيَعْقُوبُ يَا بَنِيَّ إِنَّ اللَّهَ اصْطَفَى لَكُمُ الدِّينَ فَلَا تَمُوتُنَّ إِلَّا وَأَنتُم مُّسْلِمُونَ
Оят: Буни [яъни, “Оламлар Роббисига таслим бўлдим” — сўзларини, ёки мусулмонлик динини] ўзининг авлодларига Иброҳим васият қилган эди ва Яъқуб ҳам: “Эй ўғилларим! Дарҳақиқат, Аллоҳ сизларга дин [қонун ва йўл]ни танлаб берди, бас, [Аллоҳга] таслим бўлган ҳолингизда, ўлинглар [яъни, ҳамиша мусулмонликни маҳкам тутинг ва шу йўлда оламдан ўтишга интилинг]

Тафсир: [Эй Яъқуб зурриёти! Сизларнинг аждодингиз Аллоҳга итоатгўй бўлишингизни васият қилган эди ва сизлар энг комил ҳолда унинг бу васиятига бўйсуниб, сўнгги пайғамбар йўлидан эргашишингиз лозим. Қачонки, Аллоҳ сизлар учун динни танлаб берганида, албатта, сизларга нисбатан буюк марҳамат кўрсатган эди. Бас, ушбу диннинг кўрсатмаларига амал қилинг, унинг ахлоқий қонун-қоидаларига риоя қилинг ва бу йўлдан, то сизларга ўлим келмагунича, чекиниб кетманг! Чунки инсон умр бўйи қандай эътиқод ва дунёқарашларни тутган бўлса, ўлим соатида ҳам, ўша нарсани устида жон беради. Борди-ю, у ўзининг дунёқарашлари устида ўлса, улар билан ҳаттоки қайта тирилганида ҳам ажралмайди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:129.
رَبَّنَا وَابْعَثْ فِيهِمْ رَسُولًا مِّنْهُمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آيَاتِكَ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَيُزَكِّيهِمْ إِنَّكَ أَنتَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ
Оят: “Эй Роббимиз! Уларнинг ичларидан, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китоб [қуръон] ва ҳикмат [суннат ва шаръий қоидалар]га ўргатадиган, ҳамда, уларни [мункар амаллардан] поклайдиган элчи [пайғамбар] юборгин. Албатта, Сенинг Ўзинг — ўта иззатли ва ўта ҳикматли Зотдирсан”.

Тафсир: [Эй Муҳаммад! Иброҳим ва Исмоилнинг каабани пойдеворини кўтараётган, ҳамда бу шарафли ишларини сабр билан давом эттираётган вақтларини эсланг. Уларнинг қалблари қўрқув ва умид билан тўлиб, тошган бир пайтда, ушбу улуғвор амални бажарар эканлар, Роббиларига илтижо қилиб, улардан бу амални қабул этишини, ҳамда, уни инсонларга манфаатли қилиб беришини сўрадилар.
Қалблари билан Роббиларига хушуъ қилиб турганларида, яна Аллоҳдан, уларнинг зурриётларини ислом умматидан қилишини сўрадилар ва бунда, бирданига Аллоҳнинг олдида ҳам қалб билан камтарлик кўрсатиш, тил билан дуо қилиш, ҳам бадан аъзолари билан буйруқларни бажариш [чунки каабани деворини кўтараётган эдилар, бу эса амаллар сирасига киради —тарж.] орқали хорликни намойиш қилиш бордир. Сўнгра улар Аллоҳдан, уларга ибодат қоидаларини кўрсатишини, яъни, кўргазмали равишда, ибодат қонун-қоидаларини уларга намоён этишни сўрадилар, токи бу инсоният учун катта фойда ва манфаатларни етказсин. Бир фикрга кўра, бу оятдаги “манаасик” сўзи остида — ҳаж зиёратининг барча амаллари назарда тутилган ва бунга муҳокама қилинаётган оятлар ҳам гувоҳлик бериб турибди. Иккинчи тафсирга биноан эса, бу калима [манаасик]нинг маъноси анча кенг бўлиб, унга исломнинг барча арконлари ва қонун-қоидалари тааллуқлидир. Оятларнинг умумий маъноси шунга ишора қилади. Араб тилидаги “нусук” сўзи — “Ибодат”, деган маънони англатиб, кўпинча у ҳаж ибодатига тегишли бўлган амалларга нисбатан қўлланилади. Халқда ушбу сўзни айнан мана шу маънода ишлатилади. Ҳар нима бўлса ҳам [ушбу оятда], иккала пайғамбар Аллоҳ Таъалодан ўзлари учун манфаатли илм ва солиҳ амални сўраб, дуо қилдилар. Ва аксар ҳолларда, унутиб қўйгани, ёки эътиборсизликка тушиб қолгани туфайли, инсон тавбага муҳтож бўлгани учун, улар Аллоҳдан, уларнинг тавбаларини қабул этишини ҳам илтижо қилдилар. Дуоларининг сўнггида, шон-шарафлари зиёда бўлиши учун, зурриётларидан пайғамбар чиқаришни Роббиларидан илтимос қилдилар. Инсонлар бу пайғамбарга итоат қилиб, унинг гўзал фазилатларини таниб олишларини хоҳладилар. У [Аллоҳдан келган шундай элчи бўлиши керак эдики] инсонларга Аллоҳнинг ваҳийсини тиловат қиладиган, унга катта эътибор қаратадиган, одамлар бу оятларни ёддан билиб олишларига ёрдам берадиган, қуръон ва суннатнинг баёнига ўргатадиган, одамлар қалбларини солиҳ амаллар орқали поклайдиган ва юракни бузуқликка олиб келадиган қабиҳ амаллардан четлантирадиган пайғамбар бўлиши керак эди. Иброҳим ва Исмоил (алайҳимассалом)лар ўз сўровларининг сўнггида Аллоҳнинг ўта иззатли ва ўта ҳикматли эканини зикр қилиб, мақтадилар ва ушбу икки илоҳий сифат — иззат ва ҳикматга биноан пайғамбар танлаб олишини сўрадилар. Дарҳақиқат, бутун борлиқ Аллоҳга бўйсунади ва У Зотнинг иродасига ҳеч ким қарши чиқа олмайди. Ўзининг ҳикматига мувофиқ У барча нарсани ўз ўрнига қўяди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ уларнинг дуоларини ижобат қилди ва инсонларга фазилатли пайғамбар — Муҳаммад ﷺни юбордики, унинг келиши Иброҳим ва Исмоил зурриётларига, қолаверса бутун инсониятга каттакон раҳмат ва ақлга сиғмас марҳамат бўлди. Шу сабабли, пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ: “Мен — аждодим Иброҳим (алайҳиссалом)нинг дуосини ҳосиласиман [яъни, дуосининг ижобатиман]”, деб айтар эдилар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:126.
وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَذَا بَلَدًا آمِنًا وَارْزُقْ أَهْلَهُ مِنَ الثَّمَرَاتِ مَنْ آمَنَ مِنْهُم بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ قَالَ وَمَن كَفَرَ فَأُمَتِّعُهُ قَلِيلًا ثُمَّ أَضْطَرُّهُ إِلَى عَذَابِ النَّارِ وَبِئْسَ الْمَصِيرُ
Оят: Вақтики, Иброҳим деди: “Роббим бу [юрт — Макка]ни омонлик [хотиржамлик] юрти қилгин ва унинг аҳлидан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганларни самаротлар [мевалар ва бошқа турдаги озиқ-овқат] билан ризқлантиргин. [Аллоҳ унинг дуосини қабул қилди ва] деди: “[Аммо] куфр келтирганларни озгина [қисқа вақтга, арзимас ризқ билан] лаззатлантираман, сўнгра эса уни дўзаҳда азобланишга мажбур қиламан. Ва у [нақадар] ёмон қайтиш жойидир!

Тафсир: [Иброҳим (алайҳиссалом) Масжидул-ҳаромда намозни қойим қилдилар ва Аллоҳга, Макка шаҳрини омонлик юрти қилишини, ҳамда унинг аҳолисини турли ҳил мева-чева ва бошқа яхшиликлар билан ризқлантиришини сўради. Ўз сўровини у айнан иймон келтирган бандалар билан чеклади ва бу билан, Аллоҳга бўлган ўзининг эҳтироми ва улуғлашини таъкидлаб кўрсатди. Аммо, Иброҳим (алайҳиссалом)нинг дуосини биринчи қисми (омонлик сўраши) умумий ва ҳаммага тегишли эди, шунинг учун Аллоҳ Таоло унинг дуосига қилган Ўз ижобатини, бузғунчилардан бошқаларига хослади. Бошқа томондан, Иброҳим (алайҳиссалом), Макка аҳлини ризқлантиришни сўраганда, бу ризқни фақат иймон келтирганлар билангина боғлади, ҳолбуки, Аллоҳ Таъало ўз ризқини нафақат мўмин бандаларга, балки кофирларга ҳам ато этади. Айнан шу сабадан, Аллоҳ Таъало хабар бериб айтдики, Унинг ризқлантириши барча аҳолига тегишли: у мўмин бўладими, кофир бўладими — ризқланмай қўймайди. Мусулмон бандалар, Аллоҳ ато этган дунёвий яхшиликларни, У Зотнинг тоат-ибодатига сарфлайдилар, сўнгра эса жаннат боғларига равона бўладилар. Кофир бўлган кимсалар эса, дунёвий тоййиботлардан фақат вақтинчалик, қисқа муддатга фойдаланадилар, кейин эса, мажбуран, зўрлик билан энг ёмон қайтиш жойи бўлган — дўзаҳга юбориладилар.]


2:127.
وَإِذْ يَرْفَعُ إِبْرَاهِيمُ الْقَوَاعِدَ مِنَ الْبَيْتِ وَإِسْمَاعِيلُ رَبَّنَا تَقَبَّلْ مِنَّا إِنَّكَ أَنتَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ
Оят: Ва [худди ўз кўзлари билан кўриб турганларидек, уларга эслатинг, эй Муҳаммад ﷺ] қачонки, Иброҳим уй [кааба]нинг пойдеворларини кўтараётганда ва Исмоил [унга ёрдам бериб турганда, уларнинг ҳар бирлари Аллоҳга илтижо қилиб, дедилар]: “Эй Роббимиз! Бизлардан қабул эт! Албатта, Сенинг Ўзинг ўта эшитгувчи, ўта билимли Зотдирсан”.


2:128.
رَبَّنَا وَاجْعَلْنَا مُسْلِمَيْنِ لَكَ وَمِن ذُرِّيَّتِنَا أُمَّةً مُّسْلِمَةً لَّكَ وَأَرِنَا مَنَاسِكَنَا وَتُبْ عَلَيْنَا إِنَّكَ أَنتَ التَّوَّابُ الرَّحِيمُ
Оят: “Эй Роббимиз! Бизлар [иккимиз]ни Ўзингга таслим бўлгувчи [мусулмон]лардан қилгин ва зурриётимиздан [бир қисмини ҳам] Сенга таслим бўлгувчи [мусулмон] уммат [қил]. [Шубҳасиз, таслим бўлган уммат, бу — Муҳаммад ﷺнинг умматидир, зеро Муҳаммад ﷺнинг ўзлари Иброҳим ва Исмоилнинг зурриётидандир]. Ва бизларга ибодат [қиладиган жойларимизни, ёки, ибодат қоида] ларимизни кўрсатгин, ҳамда, тавбаларимизни қабул этгин! Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни [кўплаб ва ҳамиша] қабул қилувчи, ўта раҳмли Зотдирсан”.

https://t.me/tafsirassaadiy
Сўнгра, фақат ибодат учун яккаланиб олган кишилар ёд этилди, чунки ибодат мақсадида яккаланиб олишлик, бошқа барча масжидларга хосдир. Мана шундан кейингина, оддий намозҳонлар айтиб ўтилди, ваҳоланки, намоз санаб ўтилган ибодатларнинг энг афзали ҳисобланади. Бундан келиб чиқиб, биз муҳокама қилаётган тартиб, ўзига хос маънога эга. Аллоҳ Таъало Масжидул-ҳаромни Ўзини уйи деб аташига бир неча сабаб бор:
Биринчидан: Аллоҳ бу масжидни “Менинг уйим” деб аташлиги, Иброҳим ва Исмоил (алайҳимассалом)ни бу ерни покизалигига қатъийроқ эътибор қаратишга ва бунинг учун керакли бўлган барча чораларни кўришга ундаши керак эди.
Иккинчидан: Бундай деб аталишлиги, бу масжидни муқаддаслиги ва шарафини таъкидлар эди, бу эса, ўз навбатида, инсонларни Аллоҳга ибодат қилишга ва бу ибодатгоҳга тегишли бўлган ҳурмат-эҳтиромни кўрсатишга ундар эди.
Учинчидан: бундай деб аталишлиги, инсонлар қалбида Масжидул-ҳаромга бўлган талпиниш ва интилишни кучайтирар эди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:125.
وَإِذْ جَعَلْنَا الْبَيْتَ مَثَابَةً لِّلنَّاسِ وَأَمْنًا وَاتَّخِذُوا مِن مَّقَامِ إِبْرَاهِيمَ مُصَلًّى وَعَهِدْنَا إِلَى إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ أَن طَهِّرَا بَيْتِيَ لِلطَّائِفِينَ وَالْعَاكِفِينَ وَالرُّكَّعِ السُّجُودِ
Оят: Ва [эслатинг одамларга, эй Муҳаммад ﷺ] вақтики, “уй” [кааба]ни одамлар учун қайтиш жойи [яъни, улар қайтиб-қайтиб келиб, ҳаж зиёратини адо этадиган, ҳар бир намозларида унга юзланиб, қайтадиган жой] ва омонлик макони [чунки, унда одамларга, уларнинг моллари, ҳаттоки дараҳтлар ва ҳайвонларга омонлик бор жой] қилдик: “Иброҳимнинг мақоми [каабанинг ёнидаги тошда ўйилган оёқ излари бор ер]ни намозгоҳ қилиб олинг”. Ва [Аллоҳ] Иброҳим билан Исмоилга амр қилиб: “Менинг уйимни тавоф қилувчилар, [у ерда Аллоҳнинг ибодатини қасд қилиб] муқим турувчилар, [ва Аллоҳга самимийлик билан] рукуъ ва сажда қилувчилар учун [кўринадиган ва кўринмайдиган нажосатлардан] поклаб қўйинглар”, деди.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало, Иброҳим (алайҳиссалом)нинг ибрат, намуна бўлганликлари, ҳамда, одамларга имом бўлганликлари ҳақида, боқий қоладиган далилни келтирди. Бу далил — Масжидул-ҳаромдирки, уни зиёрат қилиш, ислом динининг арконларидан биридир ва у, одамларнинг қилиб ўтган гуноҳ ва хатолари кечириладиган жойдир. Бу маконда Иброҳим (алайҳиссалом)ни, унинг зурриётларини эслатадиган, ҳамда уни динда ҳақиқий намуна бўлганлигига гувоҳлик берадиган кўп жойлар мавжуд. Аллоҳ Таъало Масжидул-ҳаромни инсонлар учун қарор топиш жойи қилдики, унга одамлар, ернинг турли бурчакларидан, руҳий ва моддий яхшиликларга эришиш учун етиб келадилар. Улар ҳаж зиёратини қайта-қайта адо этадилар, аммо Масжидул-ҳаромда хозир бўлишдек лаззатга тўймайдилар. Дарҳақиқат, у барча тирик мавжудотлар: вахший ҳайвон бўладими, дарахтларми, ёки жони бўлмаган бошқа махлуқотларми — ҳаммалари учун омонлик, хотиржамлик масканидир. Ҳаттоки, исломдан аввалги жоҳилият даврларида, Аллоҳга ширк келтирган мушриклар ҳам, Масжидул-ҳаромни эҳтиромлашар ва агар одам ўз отасининг қотилини шу масжидда учратса, уни тек қўйиб, масжидни тинчини бузишдан ўзини тияр эди. Ислом дини келишлиги билан бу масжиднинг муқаддаслиги ва шон-шарафи янада зиёдалашди.
Сўнгра, Робб Таъало,Иброҳим (алайҳиссалом)нинг мақомини намоз ўқиш, ибодат қилиш жойи қилиб олишлиени одамларга буюрди. Баъзи фикрларга кўра, ”Мақоми Иброҳим” деб, айни кунларда каабанинг эшиги олдида жойлашган қурилмага айтилар экан. Бу ҳолда гап, каабани тавоф қилиб бўлинганидан кейин, имкон қадар мақоми Иброҳимнинг ортида туриб ўқиладиган икки ракаат намоз ҳақида кетмоқда. Кўплаган қуръон муфассирлари ушбу фикрни маъқуллаганлар. Бошқа тафсирга биноан эса, “Мақоми Иброҳим”дан мурод — Иброҳим (алайҳиссалом) ўз зиёратида ташриф буюрган барча ерлардир. Араб тилидаги “мақом” сўзининг бирликда ишлатилиши эса, қаратқич келишикда келиши билан изоҳланган. Бу вазиятда, ҳаж зиёратига оид барча амаллар назарда тутилган, жуиладан: каабани тавоф қилиш, Сафо ва Марва тепаликлари орасида югуриш, Арофат тоғида туриш, Муздалифада тунаш, тош отиш, қурбонлик келтириш ва ҳажнинг бошқа амаллари. Агар муфассирларнинг шу тафсирига асосланилса, у ҳолда, мақоми Иброҳимни намозгоҳ қилиб олиш буйруғининг маъноси: ўша жойни аввало ибодатгоҳ қилиб олиш ва ҳаж зиёратида Иброҳим (алайҳиссалом)нинг мисолига эргашиш. Кўриниб турибдики, охирги тафсир кўпроқ маъқулланган, чунки у ўз ичига биринчи фикрни ҳам жамлаган ва оятнинг луғавий маъносига ҳам мувофиқдир. Шунингдек, Аллоҳ Таъало зикр қилганидек, Иброҳим ва Исмоилга (алайҳимассалом) Аллоҳнинг уйи [кааба]ни кўринадиган ва кўринмас, моддий ва маънавий нопокликдан, яъни, маънавий нопоклик — ширкий амаллар, куфр, фисқ кўринишлари, ҳамда, моддий нажосат: кирлик ва ифлосликдан поклаш буюрилган эди, зотан бу масжид тавоф қилувчилар, намоз ва иътикофда ўтирувчилар учун хосланган жой эди. Оятда, Аллоҳ Таъало биринчи бўлиб, каабани тавоф қилувчиларни зикр қилди, зеро бу фақат Масжидул-ҳаромга хос бўлган ибодат туридир [яъни, бу масжиддан бошқа ҳеч қайси жой тавоф қилинмаслиги назарда тутилмоқда — тарж.].

Найдено 157 постов