Раҳматли Гулнора холам уйни жудаям ораста тутадиган, тозаликни севадиган, саранжом-саришта аёл эдилар. Менга шундай дегандилар: "Газ плитанг эски, шалағи чиққан, чойгуминг сири кўчган, қирқта жойи чақа бўлса ҳам топ-тоза тут. Доимо ярақлаб турсин. Булар сани аёллик юзингни кўрсатади".
Давлат иши ва ташвишлар билан бўлиб, газ плита ва чойгумни унутиб қўядиган кунларим ҳам бўлади. Чарчоқдан уларга: "Э, боре" деб ҳафсала қилмайдиган кунларим ҳам бор. Анжомларга қараб туриб, уялиб кетаман: "Гуля холам кўрсалар борми, гўрларидан тикка турадилар". Дарров тозалашга тушиб кетаман.